Нукус шаҳрида жойлашган "Туран" болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олаётган мактаб ўқувчилари учун ёзги таътилни мазмунли ўтказиш мақсадида Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари минтақавий ёшлар ишлари Агентлиги билан биргаликда қизиқарли тадбир ташкил этишди. Болалар гвардиячилар ва ёшлар ташкилоти вакиллари билан шахмат ва шашка ўйнашди. Ўғил болалар футбол ўйнашди. Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ва "Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!" шиори отида бўлиб ўтган тадбирнинг энг қизиқ жойи ҳарбий техника кўргазмаси бўлди. Ёшлар ҳарбий кийим-кечак ва махсус жиҳозлар билан танишишди, бош кийим ва тана зирҳларини кийиб кўришди ҳамда жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бўлиш билан қизиқишди. Учрашув якунида меҳмонлар болаларга эсдалик совғаларини топширишди.