Бухорода Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда оилавий болалар уйлари фарзандлари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Болаларни вилоят болалар тиббиёт марказининг терапевт, хирург, педиатр, офтальмолог, ЛОР, травмотолог (ортопед), невропотолог, стоматолог ва бошқа малакали мутахассислари кўрикдан ўтказишди. Тиббий кўриклар касалликни барвақт аниқлаб, ўз вақтида даволаш имконини беради. Бундан ташқари, кўрик вақтида болалар ва уларнинг ота-оналарига соғлиқни асраш ҳамда соғлом турмуш тарзи борасида маслаҳатлар берилди. Болаларга шахсий гигиенага амал қилиш ва тўғри овқатланиш кераклиги гапирилди, кунни қўлда гаджет билан ўтказиш керак эмаслиги, компьютер ўйинлари кўзга ва руҳиятга салбий таъсир ўтказиши, қоматни нотўғри тутиш эса умуртқа ва ички органларга зарар эканлиги тушунтирилди. Шу тариқа қирқдан ортиқ болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.