Фарғона вилоятидаги Оилавий болалар уйи фарзандлари ва уларнинг ота-оналари яқинда содир бўлган воқеалар билан ўртоқлашдилар.
Аввало, барча болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, малакали шифокорлар назоратига олинди. Шу билан бир қаторда, болалар билан соғлом турмуш тарзи ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишнинг аҳамияти, ўсаётган организм учун зарарли одатларнинг оқибатлари тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Бу каби тиббий кўрикларнинг юқори савияда ташкиллаштирилганлиги, болалардаги муаммоларни аниқлаш, ўз вақтида даволашни бошлаш ҳамда касалликларнинг ривожланишига йўл қўймаслик имконини бермоқда.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида яшовчи Мансуровлар оиласи фарзандлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилларининг ташрифи ҳақида сўзлаб беришди. Болалар учун ёнғин хавфсизлиги хизмати мутахассисларининг газ алоқаси ҳолатини ва иситиш мосламаларининг яроқлилигини текшириш жараёнини томоша қилиш қизиқ бўлди.
Шундан сўнг, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия бошқармаси вакиллари бир пиёла чой устида болалар ва уларнинг ота-оналари билан уларни қизиқтирган барча мавзулар ҳақида суҳбатлашдилар. Болалар ҳам ўз навбатида меҳмонларга ўқишлари, севимли машғулотлари, бўш вақтларини қандай ўтказишлари, спорт ва ошпазлик истеъдодларидаги муваффақиятлари ҳақида фахр билан сўзлаб беришди.