Фарғона шаҳридаги "Аҳмад Фарғоний" номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ҳомийлигида нашр этилган «Фарғона ойдинлари» китоби тақдимотида шоир-у ёзувчилар, китобсеварлар ва журналистлар иштирок этди. Тўпламдан Ёзувчилар уюшмасининг 42 нафар аъзоси – замондошларимизнинг шеър ва насрий асарлари, илмий мақолалари ўрин олган. Ижодий кечага Фарғонадаги оилавий болалар уйлари фарзандлари ҳам таклиф этилди.
Ижодкор зиёлиларнинг маърузаларини тинглаш, ёш авлод тарбияси, инсонда ижобий фазилатларни шакллантиришда адабиётнинг ўрни, шунингдек, мамлакатимизда замонавий адабиётнинг ривожланиш тенденциялари ҳақидаги суҳбатлар болалар учун фойдали бўлди. Шунингдек, шоир ва ёзувчилар ўз асарларидан парчалар ўқидилар.
Кеча сўнгида оилавий болалар уйлари фарзандларига китоблар тўплами совға қилинди.