Мамлакатимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган усуллари асосида уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида жорий қилинган янги тизим натижасида навбатдаги Термиз шаҳридаги меҳрибонлик уйининг сўнгги тарбияланувчилари оила бағрига қайтарилди.
Жумладан, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи Давлатовлар ҳамда Халиқовлар оиласи эзгу ишга қўл уриб, Термиз шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйидан 11 нафар ўғил-қизларни ўз қарамоғларига олган ҳолда Оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйишди. Энг қувонарлиси ушбу болажонлар меҳрибонлик уйининг сўнгги тарбияланувчилари эдилар.
Юртбошимиз ташаббуси билан жорий қилинган янги тизим, бағрикенг халқимизга янада шижоат бахш этди. Олийжаноб халқимиз томонидан қўл урилаётган эзгу ишлар самарасида, ўз оиласига эга бўлаётган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари қалби қувончга тўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача Навоий, Фарғона, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақолпоғистон Республикасидаги Меҳрибонлик уйлари, ўз фаолиятларини якунлаган эди.