Хива шаҳрида яшовчи Ёқубовлар ва Каримовлар оилавий болалар уйлари фарзандлари “Иқтидор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёз кунларини мароқли ўтказмоқдалар. Оромгоҳ Хоразм вилояти Янгиариқ туманида сўлим табиат қўйнида жойлашган.
Болажонлар учун ҳар куни кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ёш ҳамюртларимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун хизмат қилмоқда. Куни кеча болажонлар очиқ осмон остидаги музей – Ичан Қалъа мажмуасига саёҳат қилдилар. Бу мажмуада 20 га яқин мадраса, ўнлаб масжидлар, 12 та мақбара ва кўплаб хонадонлар мавжуд. Тарихий ёдгорликларнинг кўп қисми 18-19 асрларга таалуқли. Болалар учун бутун дунёга машҳур тарихий ёдгорлик бўйлаб уюштирилган саёҳат она юрт тарихи ҳақидаги навбатдаги фойдали маълумот сифатида хизмат қилди.