Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5215-сонли Қарори Ўзбекистонда бу борада қатор ислоҳотлар кечишига сабаб бўлмоқда.
Ушбу Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетда янги ташкил этилган “Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари тарбиячилари малакасини оширилиши юзасидан ўқув курслари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида 2021 йил октябрь ойидан 2022 йил май ойигача сайёр дарс машғулотларини ташкил этадилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг “Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан 24 январь – 5 февраль кунлари Сирдарё вилоятидаги Оилавий болалар уйи, Бахт шаҳридаги Республика ўғил болалар ихтисослашган таълим муассасаси тарбияланувчилари тутинган оналар, Сирдарё вилояти Миллий гвардия бошқармаси психологларининг малакаси оширилди.
Жорий йилнинг 5 февраль куни малака ошириш ўқув курси сўнггида ўзлаштирилган билимларни сарҳисоб қилиш мақсадида ушбу тингловчилардан якуний имтиҳонлар олинди. Имтиҳонлар 2 босқичда амалга оширилди. 1 босқичда тарбиячилар малака ошириш курси давомида профессор-ўқитувчилар томонидан ўқитилган материалллар асосида шакллантирилган тест топширдилар. Ушбу тестларни тарбиячилар муваффақиятли топширганларидан сўнг, 2-босқичда болаларни ижтимоий ҳимоялаш масалаларига бағишлаб тайёрлаб келинган илмий-тадқиқот шаклидаги реферати тақдимотини баён қилиб бердилар.
Ўқув курсини муваффақиятли битирган тингловчиларга тантанали равишда сертификатлар топиширилди. Ушбу маросимда Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник И.К.Эрбўтаев ва Ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари М.С.Раҳимов, “Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий тарбия ва ёшлар билан ижтимоий ишлаш” кафедраси бошлиғи подполковник Ш.А.Акрамова, Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бош мутахассиси С.Н.Каримова тарбиячилар, психологлар ва тутинган оналарини ўқув курсини муваффақиятли якунлаганлари билан табрикладилар ҳамда келгусидаги фаолиятларида уларга билдирилган ишончни оқлашларига, фидойи меҳнат олиб боришларига тилаклар билдирдилар. Тадбир сўнгида иштирокчилар эсдалик учун расмга тушдилар.