МОҚда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселекторда берилган топшириқлар ижроси, уларнинг назоратига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, шунингдек, Спорт, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамда МОҚ раҳбарияти қатнашди.
Суҳбатда аҳоли саломатлигини ошириш, таълим муассасаларида спорт клубларини ташкил этиш ва уларга имтиёзлар ажратиш каби мавзулар муҳокама қилинди. Мутасаддилар ўқувчи ва талабалар ўртасида сўровномалар ўтказган ҳолда уларнинг қизиқишларини аниқлаш, шу асосда спорт клубларининг фаолиятини йўлга қўйиш борасида фикр алмашишди. Шунингдек, мутахассислар томонидан ушбу жараённи рақамлаштириш таклифи илгари сурилди.