Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари дам олаётган “Меҳрибон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида кеча, 30 июн куни биринчи мавсумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Байрам Ёшлар кунига бағишланди. Болалар бу кун учун қизғин тайёргарлик кўришди: улар қизиқарли байрам дастурлари тузишди, қўшиқлар, шеърлар ёд олишди, рақслар ва мусиқий чиқишларни саҳналаштирдилар. Ҳомийлар дам олувчи ёшлар учун совға тайёрладилар - байрам дастурхони ёздилар. Очилиш маросимида меҳмонлар сўзга чиқиб, болаларни байрам ва оромгоҳ мавсумининг бошланиши билан табрикладилар. Концерт дастури олқишларга сабаб бўлди. Ушбу ажойиб кун эса кечки анъанавий гулхан ёқиш билан якунланди.