Оромгоҳдаги кунлар жуда мароқли ўтади, сабаби у ерда янги дўстлар орттириш мумкин, бир-биридан қизиқарли ўйинлар ва турли танловлар, гулҳан атрофида самимий суҳбатлар, оромгоҳ атрофидаги чиройли манзараларни томоша қилиш учун сайрлар, тоза ва салқин ҳаво – мана нима учун болалар ёзги таътилни соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказишни яхши кўрадилар.
Тошкент вилоятидаги оилавий болалар уйлари фарзандлари Бўстонлиқ туманининг сўлим табиати қўйнида жойлашган “Афсона” болалар соғломлаштириш оромгоҳига ёзги таътилни мароқли ўтказиш учун келдилар. Йигирма икки нафар ўғил ва қизнинг қувончи осмон қадар, сабаби улар ёзги оромгоҳга боришни анчадан бери ният қилган эдилар ва бугун уларнинг истаги амалга ошди.