Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчилари бугун ўз тенгдошлари – оғир касалликка чалинган жасорат эгалари учун концерт дастурини намойиш этди.
Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган болалар билан суҳбатлашиш таклифи билан марказ бош шифокори ўринбосари ва
"Ишонч" хайрия жамғармаси ижрочи директори Дилноза Агзамходжаева мурожаат қилдилар. Раҳбарлар томонидан сана, вақт ва дастурни муҳокама қилиниб, томошабинлар ёши, қайси қўшиқ ва куйларни ижро этиш бўйича келишиб олинди. Маълум бўлишича, 18 ёшгача бўлган кичкинтойлар ва ўспиринлар бу ерда ҳаёт учун курашмоқдалар. Шу боис репертуар турли хил танланди: миллий қўшиқлар, замонавий хитлар ва, албатта, болалар мултфильмларидан парчалар. Энг асосийси, концерт дастури қизиқарли бўлиши, болаларга яхши кайфият бағишлаши керак.
Лицей ўқувчилари Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан табриклаб, хар бир хонада болажонлар учун қўшиқлар куйлашди. Шунингдек, ўқишлари ҳамда севимли мусиқалари ҳақида болажонлар билан дилдан суҳбат қурдилар.
Ёш томошабинлар ва уларнинг ота-оналари ҳарбий мусиқий академик лицейи ўқувчиларини олқишлар билан кутиб олишди. Марказ беморларининг кўзларидаги қувонч ижодкорлар учун асосий мукофот бўлди.