Юртимизда баҳорнинг илк кунини ҳар йили Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова таваллуди билан қарши олиш анъанага айланган. Бугун Адиблар хиёбонида бўлиб ўтган тадбирда шоиранинг қудратли овози, майин ва меҳр тўла қўшиқлари, ўзбек хотин-қизларининг бахтиёр тақдирини, инсонларнинг орзуларини ифодалаган ҳароратли шеърлари ҳозирги кунда ҳам баланд янграётгани, миллатнинг фахри эканлиги таъкидланди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари Зулфияхонимнинг “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Қайда ўз севинчим”, «Соғиниб» сингари шеърларидан йиғилганларга айтиб беришган бўлса, хушовоз хонандалар “Ўрик гуллаганда”, “Сўлим баҳор” қўшиқларини ижро этишди.
Шундан сўнг давлат ва жамоат арбоблари, шоиранинг оила аъзолари, ёзувчилар, шоирлар, вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари Зулфия ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.