Шу куни Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари ҳарбий қисмда меҳмон бўлишди. Улар ҳарбийлар учун яратилган шароитлар билан танишиб, ётоқхона, ошхона, маънавият ва маърифат хонаси, ўқув синфлари, спорт залини кўздан кечиришди. Ундан ташқари ёшларга ҳарбий қисмдаги мавжуд техникалар, хизмат отларидан фойдаланиш тартиби, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳарбий хизматчиларни бўш вақтини мароқли ўтказиш мақсадида ташкил этилган кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Ҳарбий қисмда ўз йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан тақдим этилган кўргазмали чиқишлар йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди.
Шундан сўнг, ёшлар ва ҳарбий хизмат фахрийлари иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир давомида фахрийлар томонидан йиғилганларга мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳалар ва тармоқларда эришилган улкан ютуқ ва марралар, хусусан, Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига берилаётган имтиёз ва яратилган шароитлар, Қуролли Кучларнинг янги қиёфаси аниқ ва таъсирчан мисоллар орқали кенг очиб берилди. Уч авлод учрашуви тадбирига ҳарбий қисмда ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик гуруҳининг ижодий чиқишлари кўтаринки кайфиятда якун ясади.