Омонбой Ражаббоевич ҳамда Лариса Ашатовналар жуфтлиги томонидан Хива шаҳрида ташкил этилган оилавий болалар уйи фарзандлари меҳмон кутишни хуш кўришади. Биринчидан, бу оилага фарзандликка қабул қилинган 10 нафар болаларнинг барчаси ўз уйлари, ота-она, қариндошлар, ака-ука ва опа-сингиллари бўлишини, оилада бахт ва меҳрга тўла муҳитда яшашни орзу қилганлар. Шу сабабли ҳам ҳозирда юзага келган ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, аҳил оиласи билан “мақтаниб” келишмоқда. Иккинчидан бўлса, меҳмон ўзи билан бирга шодлик ва кўтаринки кайфият, совғалар олиб келади, тўкин дастурхон ёзилади ва дилдан суҳбатлар бўлиб ўтади. Агар уйга ташриф буюрган меҳмонлар орасида машҳур шахслар, санъат ва маданият арбоблари, спортчилар, сиёсатшунос ёки юристлар бўладиган бўлса, болаларни кўплаб қизиқарли ҳикоялар, фойдали суҳбатлар, кўплаб янги билимлар кутади.
Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида мазкур оилавий болалар уйига фалсафа фанлари доктори, профессор, “Меҳнат Шуҳрати” ордени ва “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони соҳибаси Жамила Шермухаммедова бошчилигидаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти вакиллари ташриф буюришди. Меҳмонлар болаларга истиқлолнинг ўзбек халқи тақдиридаги аҳамияти, ёш мустақил давлатнинг шаклланиши ва ривожланиши, “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғояси нимани англатиши ҳақида сўзлаб бердилар. Шунингдек, болалар Маънавият фестивали, унинг мақсадлари ва иштирокчилари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлди. Меҳмонлар хайрлашиш чоғида болаларга бир пайтлар ўзларига катта таъсир ўтказган китобларни совға қилишди.