Тошкент шаҳридаги 22-сонли Меҳрибонлик уйида "Битирувчи-2022" байрами ташкил этилиб, унда ИИВ Қоровул қўшинлари ансамбли ҳам иштирок этди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ва ҳомийлар йигит-қизларни мактабни аъло баҳоларга битирганликлари билан табриклаб, олийгоҳларга ўқишга киришга тайёргарлик кўраётганларга ҳамда касб-ҳунар эгалламоқчи бўлган ёшларга мустақил ҳаётларида муваффақиятлар тилади.
Ансамблнинг хушовоз хонандалари томонидан куйланган ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Байрамона дастурхон устида бўлган давра суҳбати барча иштирокчиларни дилдан суҳбат қуриб, яқиндан танишишларига замин яратди.