Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги оилавий болалар уйлари фарзандлари туман кутубхонасига саёҳатни шундай таърифлашди. Дарҳақиқат, китоблар инсон учун ажойиб дунёлар, тарих, маданият ва билимлар эшикларини очиб беради. Болалар билимга мойил бўлганлиги сабабли, уларда янгиликларни тушуниш, бошқа мамлакатлар ва бошқа одамларни кашф қилиш истаги бор, кутубхонага саёҳат улар учун билим оламига ҳақиқий саёҳатга айланди.
Саёҳат болаларда катта таассурот қолдирди. Дастлаб кутубхона ходимлари кутубхоналар ҳақидаги илк маълумотлар бизга қадим замонлардан келганлиги ҳақида сўзлаб бердилар. Баъзи маълумотларга кўра, биринчи кутубхона Жануби-Ғарбий Осиёда, Месопотамиядан Мисргача бўлган ҳудудда пайдо бўлган. Шунингдек, энг қадимги кутубхона Хитойда аниқланган. Гарчи энг биринчи кутубхонани Шумер давридаги қадимий лой лавҳалар омбори деб аташ мумкин. Болаларнинг ўзлари турган кутубхона ҳақида, умуман мамлакатимиз кутубхоналари ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тинглаш мароқли бўлди. Ёш ташриф буюрувчилар тарихий анъаналар, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган либослар билан ҳам танишишди. Жаҳон ва миллий адабиётнинг хилма-хил оламига шўнғидилар. Китоб оламига саёҳат барча ўғил-қизларда унутилмас таассурот қолдирди.