Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 09 август кунидаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5215-сонли Қарорига асосан, Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 12-сонли “Оилавий болалар уйи” ташкил этилди.
Қамаши тумани Обод МФЙ Фарход кўчаси-48 уйда яшовчи фуқаро Хонимова Гулбаҳор Эргашевна хайрли ва савобли ишга қўл урди. Мазкур оила ўз ташаббуси билан чиқиб, 8 нафаргача фарзанд олиш истагини билдирди.
Шундан сўнг, масъуллар томонидан ушбу оиланинг барча шарт-шароитлари тўлиқ ўрганилиб, “Оилавий болалар уйи” ташкил этилишига рухсат берилди.
Бугун мазкур ташкил этилган “Оилавий болалар уйи”нинг тантанали равишда очилиш тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Халқ таълими раҳбарияти, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Барча тадбир иштирокчилари томонидан “Оилавий болалар уйи” ташкил этган хонадон эгаларига, баркамол авлодни тарбиялаш йўлида бошлаган хайрли ва эзгу ишларига улкан зафарлар тиланди.