Ватанпарварлик ойлиги доирасида жойларда бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, 5 январь куни 30-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг Қуролли Кучлар Давлат музейига саёҳати амалга оширилди. Дастлаб ёшларга музей экспозициялари орқали Қуролли Кучлар тарихи, Марказий Осиё халқлари ҳарбий санъати, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ривожланишининг ҳозирги даври ҳақида тушунчалар берилди.
Музейдаги буюк саркарда Амир Темурга бағишланган алоҳида "Темурийлар даври ҳарбий санъати" экспозициясидаги ҳарбий юришлар хариталари, аскарлар сафланишининг схемалари, қурол-аслаҳа ва нишонлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бир қаторда ўғил-қизлар "Мустақил Ўзбекистонни қўриқлаш" экспозициясида қўшин турлари, ҳарбийлар ҳаёти, уларнинг жанговар ва ҳарбий-сиёсий тайёргарлиги ҳақида маълумотлар олишди.
Ташкил этилаётган бу каби тадбирлар келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш ва ҳарбий ҳаётга қизиқтиришга хизмат қилади.