Фарзанд, унинг тарбияси ҳар доим ота-оналар учун масъулиятли вазифалардан бири саналган. Сирдарё вилоятида Оилавий болалар уйини ташкил этган Азиз ака ҳам бугунги кунда оила аъзоларининг бир-бирига бўлган меҳри, фарзандларининг қизиқишлари ҳамда ютуқларини фахр билан тилга олишдан чарчамайди. Айнан, унинг Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан рағбатлантирилишида ҳам айни жиҳатлар ўрин тутади. Миллий гвардия Хотин-қизлар жамоатчилик Кенгаши аъзолари ҳам айнан Сирдарё вилоятида ташкил этилган 4-сонли “Болажонлар-хонадон қувончи” номли Оилавий болалар уйи фаолияти ва яратилган шарт-шароитлар билан танишди ҳамда болалар билан давра суҳбати ўтказди.
Суҳбат давомида вакиллар болажонлар билан дўстона алоқа ўрнатиб, уларнинг қизиқишлари, билим даражаси, ёзги режалари ҳамда мақсадлари билан танишди. Болажонлар ҳам ўз навбатида, тўгаракда ўрганган машғулотлари асосида чизган рассомчилик асарлари ҳамда қўл меҳнати намуналарини фахр билан кўрсатишди.
Шундан сўнг, Оилавий болалар уйи тарбияланувчиларини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши йўлида амалга ошираётган салмоқли хизматлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан самарали ҳамкорлиги учун Азизбек Гадоевга Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қомондони ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг табриги оқиб эшиттирилиб, эсдалик қўл соати тантанали топширилди.