Миллий гвардия бошқармаси томонидан вилоятдаги Оилавий уйлар фарзандлари ҳамда "СОС-болалар маҳаллалари"да яшовчи болаларнинг дам олиш кунини мазмунли ўтказиш мақсадида Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларига саёҳат ташкил этилди.
Саёҳат давомида ёшлар Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди каби жаҳон миқёсида машҳур тарихий масканларни зиёрат қилиб, аждодларимиз яратган бой маданий мерос билан яқиндан танишдилар. Улар ушбу обидалар тарихига оид қизиқарли маълумотларни тинглаб, ўзбек халқининг буюк маданияти ва меъморчилиги билан фахрланиш туйғусини ҳис этдилар.
Тадбир жараёнида болалар учун маънавий-маърифий суҳбатлар, шунингдек, кўнгилочар машғулотлар ташкил этилиб, улар ўз тенгдошлар билан қувончли дамлар ўтказдилар. Саёҳат уларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Мазкур эзгу ташаббус ёш авлод онгида Ватанга муҳаббат, тарихий меросга ҳурмат, кенг дунёқараш ва мустаҳкам иродани шакллантиришга қаратилган бўлиб, болаларнинг маънавий камолотига хизмат қилмоқда.