Тадбирда Каттақўрғон тумани ҳокими, вилоят Халқ таълими бошқармаси, Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. "Оилавий болалар уйи“нинг очилиш маросимида мутасаддилар сўзга чиқиб, хонадон эгалари давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшаётганлигини таъкидлаб, бу каби савобли ишлар ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига ишонч билдирди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда Оилавий болалар уйлари тўғрисидаги низомни амалда ривожлантириш мақсадида Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар натижасида Каттақўрғон туманидаги "Жавлон“ МФЙ Абдал қишлоғида яшовчи Акмал Жўраевлар оиласининг кўп йиллик орзулари амалга ошди. Улар беғубор қалбларга ота-оналик меҳрини улашиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг 6 нафар тарбияланувчиларини ўз бағрига олишди. Энди улар ушбу фарзандларга ота-оналик қилишиб, уларнинг келажакда она юртига содиқ хизмат қиладиган, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишишларида ўз ҳиссаларини қўшишади.