Шу кунларда Даянч Эргашев ва унинг турмуш ўртоғи Наргизанинг ҳаётида эсда қоларли воқеа содир бўлди: уларга Боғдод туманидан янги хонадон калитлари топширилди.
28-ёшли Даянч Фарғона вилояти 1-сонли “Меҳрибонлик” уйида тарбияланиб, 2012 йилда мустақил ҳаётга қадам қўйган. Ҳозирда Қўқон давлат педагогика университетининг психология факультети 4 босқичида таҳсил олади ва ўзи орзу қилганидек ички ишлар органларида хизмат қилади. Тўғрироғи Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудуднинг сафдор ходими. Ҳозирча сафдор лавозимида хизмат олиб боради, лекин мақсадига тинмай интилувчи қонун ҳимоячисининг келажак режалари ўта улкан. Икки йил олдин Даянч уйланди. Ёш оила ижарада яшашига тўғри келди. Осон бўлмади, лекин у бир куни барчаси ҳал бўлишига ишонди. Ишончи тўғри бўлиб чиқди. Д. Эргашев “Меҳр дафтари” электрон платформасига киритилганидан кўп ўтмай унга янги қурилган уйлардан хонадон ажратилди.
Жиҳозлар ва керакли маиший ускуналар билан жиҳозланган хонадон калитларини топшириш маросимида Миллий гвардия ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари, дўстлари ва хизматдошлари иштирок этишди.
– Мен ниҳоятда бахтиёрман, Давлат раҳбаридан, Миллий гвардия ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидан эътибор, ёрдам, ғамхўрлик ва менга берилган, ўзим орзу қилганимдек шахсий хонадон учун миннатдорман. Мен Ватанимга ва халқимга фойдали инсон бўлишни, ички ишлар органларида ишлашни, инсонларни қонунбузарлардан ҳимоя қилишни орзу қилганман ва ҳозир янада кучлироқ жавобгарлик билан хизмат қилишга ўзимда кучли ғайрат ҳис қилдим.