Тошкент шаҳридаги 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари дам олаётган “Меҳрибон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Шодлик экспресси” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Танловдан кўзланган мақсад иқтидорли ўғил-қизларни аниқлаш ва улардаги қобилиятларни ривожлантиришдан иборат. Болалар ўзлари қизиққан тасвирий санъат, тиббиёт ( инсон организми, зарарли одатларнинг инсон соғлигига зарари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидалари бўйича билимлар) пазандалик, шахмат, спортнинг турлари, хавфсизлик қоидалари, рақс, ифодали ўқиш сингари турли соҳаларга йўналтирилган жами 9 та жамоага бўлиндилар. Танлов иштирокчилари ўзлари танлаган соҳа бўйича назарий саволларга жавоб берибгина қолмай, бирор бир машғулотни амалда бажариб кўрсатиш, расм чизиш ва шунга ўхшаш амалий кўникмаларни ҳам намойиш этдилар. Мусобақа натижаларига кўра ғолиб жамоалар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.