Самарқанд шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди .
Мазкур кунда болалар ва катталар давлат рамзларининг мазмун-моҳияти, ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат, давлат томонидан фуқароларга қандай ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги ҳақида сўз юритдилар.
Байрам дастурининг расмий қисми – ташкилотчилар ва ўқитувчиларнинг табрик ҳамда кириш сўзларидан сўнг болаларни қизиқтириш мақсадида тадбирнинг қолган қисми норасмий, дўстона суҳбат тарзида ўтказилди.
Болалар ва катталар Ўзбекистон байроғи ҳилпираган тадбир ва ташкилотларни, мамлакатимиз Давлат байроғи кўтарилган спортчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги ёрқин ғалабаларини эсладилар.
Байрам муносабати билан ўқувчилар томонидан театрлаштирилган миниатюралар тайёрланди, қўшиқлар куйланди, шеърлар ўқилди. Шу билан бир қаторда ёш спортчилар спорт тўгаракларида олган билимларини намойиш этди.
Тадбир якунда “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларига эсдалик совғалари топширилди ва суратга тушилди.