Қўқон шаҳрида туғилган 28 ёшли Исоқ Ашуровга хонадон калитлари топширилганда унинг бахтдан кўзлари ёшланди. Исоқнинг ҳаёти оғир кечади. У уч ёшга тўлганида онаси, кейинги йили отаси вафот этади. Шундан сўнг, у Меҳрибонлик уйига топширилган. Ўн саккиз ёшга тўлганида, унга ётоқхонадан хона беришган. У ердаги шароитлар жуда ачинарли ҳолатда бўлган: ҳожатхона, ҳаммом, ошхонанинг умумийлиги ҳам майли, балки капитал таъмирга ҳам муҳтож эди. Санитария-гигиена талаблари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳайдовчи бўлиб ишлаётган йигитнинг маоши яшаш шароитларини яхшилаш ҳақида ўйлашга ҳам имкон бермас эди. Исоқ оила қуриш тўғрисида ҳатто ўйлолмас, сабаби, бу ердаги муҳит оила билан яшашга, фарзандларни тарбиялашга тўғри келмасди.
Аммо ўтган йили, яъни 2022 йилда барчаси ўзгарди. Миллий гвардия ва ҳокимият вакиллари томонидан Исоқнинг яшаш шароити ўрганилиб, у 30 ёшгача бўлган уй-жойга муҳтожлар рўйхатига киритилди.
Ва ниҳоят, Исоқга Қўқон шаҳридан шинам хонадон ажратилди. У бугун ниҳоятда бахтиёр. Исоқ ҳамон ҳаммоми, ошхонаси, ҳатто барча зарур уй жиҳози ва анжомлари бор шинам хонадонда яшашига ишона олмайди.
– Уйимнинг эшиклари меҳмонлар учун доим очиқ, – дейди Исоқ Ашуров. – Менга орзуларимни амалга оширишга ёрдам берган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.