Жорий йилнинг 4 август куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари томонидан ўқув дастури ишлаб чиқилди. Бугун мазкур ўқув дастурига асосан тутинган ота-оналарни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларига старт берилди.
Мазкур ўқув курслари 72 соатга мўлжалланган бўлиб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилаларга жойлаштириш ҳамда оилавий болалар уйларини ижтимоий, психологик ҳамда педагогик кузатиб бориш учун имконият яратади. Чунки курслар ёрдамида тутинган ота-оналар малакали ижтимоий соҳа мутахассислари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, болани оилага қабул қилиш жараёнидан тортиб, оила аъзолари ҳамда оиланинг янги аъзоларининг бир-бирларига бўлган муносабатлари, янги ижтимоий ҳаётга мослашиб, оилада руҳий соғлом муҳитни яратиш каби масалаларда ўз билим, кўникма ва малакаларини эгаллаш имкониятига эга бўладилар.
Шунингдек, ўқув дастури бўйича тингловчилар олдига қўйилган талаблардан бири етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бўйича давлат сиёсати, унинг меъёрий-ҳуқуқий асослари, адаптациянинг барча шакллари, мулоқот турлари ва унинг ижтимоий психологияси, боланинг оила ва жамиятда ижтимоийлашуви жараёни ҳақида аниқ билим ва тасаввурга эга бўлишларидир.