Бугун давлатимизнинг асосий байрамларидан бири – Ўзбек тили куни. Бу кун бутун мамлакат бўйлаб кенг нишонланади, чунки тил – миллат кўзгуси, халқ қадри ва тарихидир. Тил мулоқот воситаси бўлиб, у миллатнинг ўзига хослигидан далолат беради, маънавий салоҳиятини белгилайди.
Сирдарё вилоятидаги оилавий болалар уйлари фарзандлари таълим олаётган 16-умумтаълим мактабида “Ўзбек тили” кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Болалар давлат тилида куй-қўшиқлар ижро этиб, шеърлар ўқишди, шунингдек, севимли ўзбек ёзувчи ва шоирлари асарлари асосида саҳна кўринишларини намойиш этишди.
30-сонли “Меҳрибонлик” уйида ҳам “Ўзбек тили куни” байрамига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди. Болалар ва ўқитувчилар томонидан тўлақонли концерт дастури тайёрланди: ўғил-қизлар ўзбек тилида қўшиқлар куйлашди, шеърлар ўқишди, ўзлари ёқтирган ўзбек халқ эртаклари асосида саҳна кўринишларини намойиш этишди.