Учкўприк туманида “Меҳр дафтари”га киритилган бир гуруҳ йигит-қизларга ноутбук ва тикув машиналари топширилди.
Шу муносабат билан туман ҳокимлигида ўтказилган тадбирда туман ҳокими А.Асқаров, Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси мутасаддилари ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирда туманда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Хусусан, “Палохон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган Ҳожиакбар Нуриддиновга автомашиналар таъмирлаш устахонасини жиҳозлаш учун 10 миллион 500 минг сўмлик техник асбоб-ускуналар олиб берилди.
Шунингдек, Бегвачча қишлоғида яшовчи Тожимуҳаммад Фозилов ҳамда қурбонқашқарлик Нигинабону Абдуғаниевага ахборот технологиялари ва дастурлаш асосларини ўрганишлари учун ноутбук топширилди.
Бундан ташқари, Қумариқ қишлоғида яшовчи Ферузабону Азизова ва бегмуродлик Мадина Эркаеванинг бандлигини таъминлаш мақсадида улар замонавий тикув машиналари билан таъминланди.
Туманда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.