Бухоро вилояти Меҳрибонлик уйи битирувчиси Умиджон Бердиев вояга етгач, ўз ҳаётини ўзи тартибга солишга ҳаракат қилди. Бошида Умиджонга осон бўлмади. Бир мунча вақт ҳаттоки қўшни давлатда ишлашига ҳам тўғри келди. Лекин касб-ҳунарсиз, таълимсиз бу қийин, албатта.
Мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар жорий этилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, Умид ўз ватанига қайтди.
Унга ҳужжатларни тўплашда ҳарбий хизматчилар томонидан амалий ёрдам берилиб, имтиёз асосида қабул қилиш тартиби тушунтирилди. Умиджон Нукус Кончилик институтининг машинасозлик факультетини танлади ва талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.