Норин туманида жойлашган "Норин" болалар соғломлаштириш оромгоҳида Миллий гвардия Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари болалар учун тадбир ўтказишди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, мактаб ўқувчиларининг мазмунли дам олишини ташкил этиш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдир.
Ҳарбий техникалар намойиши ва ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари болаларда катта таассурот қолдирди. Болалар спорт мусобақаларида қатнашишди, гвардиячилар билан шахмат ўйнаб, камондан отишди. Энг қизиғи шундаки, тадбир давомида болалар гвардиячилар билан норасмий равишда суҳбатлашиб, улардан хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик машғулотлари ҳамда ҳарбий таълим муассасалари ва ўқишга киришга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида сўрашди.