Ёш иқтидор эгаларини аниқлаш, уларнинг истеъдодини камол топтириш, йигит-қизларнинг маданият, санъат ва бошқа йўналишлардаги қобилиятларини шакллантириш мақсадида 24-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилар иштирокида "Ранглар жилосида- она диёр” шиори остида расмлар танлови ташкил этилди.
Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси тасарруфидаги ҳарбий қисм масъуллари ва “Қўриқлаш” бошқармаси ходимлари ташаббуси билан ўтказилган тадбирда 50 нафарга яқин болажонлар иштирок этиб , турли йўналишларда расмлар чиздилар.
Ҳар бир суръатда бош ғоя Мустақиллик, Она Ватан, эзгулик каби умумбашарий қадриятлар тараннум этилган бўлиб, ҳар бир чизгида болаларча самимийлик ҳамда беғуборликни кўриш мумкин.
Қибрай туманида жойлашган нодавлат ҳарбий спорт мактаби ўқувчилари иштирокида кўргазмали чиқишлар намойиши ҳам тарбияланувчилар олқишига сазовор бўлди.
Айниқса, йигит-қизлар иштирокида ташкил этилган стол тенниси, арқон тортиш, югуриш спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда тарбияланувчиларнинг чаққонлиги ҳамда эпчиллиги синаб кўрилди.
Кун давомида ташкил этилган турли маданий маърифий-тадбирлар ҳамда спорт беллашувларида меҳрибонлик уйининг тарбияланувчилари турли йўналишларда совриндор бўлиб, ташкилотчилар томонидан тақдим этилган эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқларга эга бўлдилар.