Бугун эрта тонгдан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллик тантаналари арафасида "Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш — шарафли бурч!" шиори остида Жондор туманидаги Маҳмуд Таробий номидаги ватанпарварлик боғига экскурсия ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Маттиевлар, Беҳбутовлар, Саидовлар оиласи фарзандлари ҳамда ҳарбий хизматчи, ходимларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.
Эътироф этиш жоизки, ватанпарварлик боғида танк, пиёдалар ва десантчиларнинг жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлар, турли калибрли артиллерия қуролларини кўриш мумкин бўлиб, ушбу кўргазмалар орқали юртимиз манфаатларини нафақат ҳарбий, балки барча соҳаларда ҳимоя қилишга тайёр туриш ҳамда Қуролли Кучларимизнинг қудратини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар орқали ёшлар онгига сингдириб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, бу боғ сайёҳлар қадами узилмайдиган, ёшларга она Ватан, ҳурлик, эрк, халқпарварлик мавзусида сабоқ ўтиладиган маскан ҳисобланиб, маданий ҳордиқ чиқарадиган, тарихий хотира ва салоҳиятни юксалтирадиган мажмуа ҳамдир.
Тадбирда Маҳмуд Таробийнинг халқ қаҳрамони сифатидаги жасорати алоҳида тилга олинди. Унинг жасорати довюрак ва жасур аёл подшоҳ Тўмарис, эрк учун курашчи, халқпарвар чўпон йигит Широқ, халқ қаҳрамонлари Муқанна, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубролар қаторида туриши эътироф этилди.