Янги йил байрамининг ўзига хос шукуҳи бор. Айниқса «Президент арчаси» тадбирининг таровати болажонлар билан янада завқли. Андижон шаҳридаги «Қўғирчоқ театри»да анъанага кўра Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар учун «Президент арчаси» тадбири ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, болажонларни Янги йил билан самимий қутлади. Шунингдек, уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табригини йўллаб, 30 номдаги ўқув қуроллари, ўйинчоқлар ва ширинликлардан иборат 714 дона совғани ўз эгаларига улашди.
Қорбобо ва қорқиз, эртак қаҳрамонларининг чиқишлари байрамга янада жозиба бағишлади. Ватан, Истиқлол, Янги йил, бахтли болаликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.