Тошкент вилоятининг Чорвоқ соҳилида жойлашган “Офтоб” болалар оромгоҳида ёзги таътилни ўтказаётган 22-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан ташкиллаштирилган мазкур учрашув, Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев бошчилигида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасадди раҳбарлари, Болалар психологияси маркази мутахассислари ва ZOR ТВ ижодий гуруҳ аъзолари иштирокида очиқ ва самимий рухда бўлиб ўтди.
Тадбир давомида оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, турли темпераментга эга болаларнинг фойдали машғулотлар билан шуғулланишлари учун психолог-мутахассислар тавсияларига кўра ташкил этилган турли тўгараклар ва спорт секциялари билан танишилди, шунингдек тарбияланувчи ва уларнинг мураббийлари билан очиқ мулоқот доирасида фикр-мулоҳазалари тингланди.
Ўз ўрнида, тарбияланувчи ўғил-қизлар томонидан тайёрланган ва уларнинг ҳар бири иштирокидаги ижодий чиқишлар ҳамда театрлаштирилган саҳна кўринишлари тақдим этилди.
Ёш авлодни миллий ва маънавий қадриятлар асосида тарбиялашга қаратилган мазкур ижодий ёндашувлар уларнинг жамиятда фаол иштирокини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланиб, мутахассислар томонидан болажонларнинг қобилиятлари юқори баҳоланди.
Тадбир сўнгида тарбияланувчиларга эсдалик совғалари топширилди ва байрамона дастурхон ёзилди, унда барча иштирокчилар мусиқа садолари остида дўстона ҳамсуҳбат бўлишди.