Бугун Тошкент шаҳридаги 22- сонли “Меҳрибонлик” уйида Бутунжаҳон автомобильсиз куни муносабати билан қизиқарли ва маърифий тадбир бўлиб ўтди, унда болаларга атроф-муҳитни асраш муҳимлиги, велосипедда саёҳат қилиш қоидалари ҳақида сўзлаб берилди.
Миллий гвардия Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этиш учун Экология партияси ҳамда Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Адолат” СДП ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси вакиллари, “Ҳаёт” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ва “Мушуккент” лойиҳаси фаоллари таклиф этилди.
Болаларга атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли чиқиндиларни камайтириш мақсадида ташкил этилган автомашиналарсиз куннинг тарихи, инсон организми учун тоза ҳаво қанчалик муҳимлиги ҳақида сўзлаб берилди. Ўғил-қизлар шу куни бошқа мамлакатларда ҳам шундай тадбирлар қандай бўлиб ўтаётгани ва мамлакатимизнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва асраш борасидаги давлат сиёсати ҳақидаги қизиқарли маълумотга эга бўлдилар.
Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари тарбияланувчиларга 300 дан ортиқ ўсимлик ва 200 дан ортиқ йўқолиб кетиш арафасида турган ва алоҳида давлат муҳофазасига олинган ҳайвонлар турларини ўз ичига олган янги нашрдаги “Қизил китоб”ни топширдилар. Бундан ташқари, “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларига велосипедлар ҳам совға қилинди.
Экологик партия вакиллари томонидан болаларнинг экология бўйича билимлари, табиатшунослик фанининг асосий атама ва вазифалари юзасидан викторина ўтказилиб, нафақат саволларга тўғри жавоб берганлар, балки фаол иштирокчиларга ҳам совғалар топширилди. “Ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти ва “Мушуккент” лойиҳаси фаоллари болаларга мурожаатида уларни ҳайвонларга меҳрибон бўлишга чақирдилар. Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ходимлари йўл назоратчиси қандай ишлашини, таёқча ва ҳуштак билан ишоралар нимани англатишини амалиётда кўрсатиб бердилар, шундан сўнг болаларнинг ўзлари таёқ билан ишора қилишга ҳаракат қилишди.
Тадбирнинг энг қизғин қисми велосипедда эстафета мусобақаси бўлди: эстафета давомида иштирокчилар маълум траектория бўйлаб ҳайдаш қобилиятларини намойиш этишлари керак эди. Ушбу вазифани велосипедни стакандаги сувни тўкмасдан ҳайдаш шарт мураккаблаштирди.
Бу кун ўғил-қизларга китоблар, канцелярия маҳсулотлари, ташкилот логотипи туширилган футболка ва бош кийимлар, эрта тонгда ва кечки пайт болаларнинг мактабга бехатар бориб келиши ҳамда йўлларда ҳайдовчилар кўзига кўриниб туришига ёрдам берадиган нур акс эттирувчи жилетлар сингари турли совғалар топширилди.