Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги "Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорини амалга ошириш мақсадида Наманган вилоятида Миллий гвардия бошқармаси ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда маданият ва спорт умумтаълим мактаблари ўқувчилари, маҳаллий ёшлар, халқ таълими бўлими тасарруфидаги Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари, Оилавий болалар уйлари фарзандлари иштирокида тадбир ташкил этилди.
Мазкур кунда болалар учун мардлик ва жасоратга бағишланган давра суҳбати ўтказилиб, унда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фахрийлари сўзга чиқдилар. Ёш авлодга армия ва Ички ишлар органларида хизмат қилиш, ўз юртида тинчлик ва ўз фуқароларинг хавфсизлиги йўлида жон берган қаҳрамонлар ҳақида сўзлаб берилди. Уч авлод учрашуви ёшларда ўчмас таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати совриндори, Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходими, кичик сержант Атҳамжон Валижонов билан учрашув бўлиб ўтди. Спортчимиз болалар ва ёшлар билан Жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашди.
Тадбир доирасида болаларга Миллий гвардия фаолиятига оид ҳужжатли фильм, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги ва жисмоний тайёргарлик бўйича, шунингдек, хизмат итлари ҳамда ит боқувчилар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг болажонлар учун ўқ отиш ва от спорти бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Ҳарбий техника кўргазмаси ёш томошабинларда ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини янада ортишига сабаб бўлди.