“Меҳрибон” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларининг таътил кунлари бу масканда мароқли, соғлиқ ва руҳиятга фойда келтирадиган машғулотлар билан ўтмоқда. Жумладан, куни кеча ушбу масканда дам олаётган болажонлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинини бўлиб ўтди.
Энг билимдон ва зукколар номи учун тўртта жамоа кураш олиб борди. Дам олиш кунлари эса Ўзбекистон тарихи давлат музейи ходимлари оромгоҳга келиб, мунчоқдан буюмлар ясаш, наққошлик, кулолчилик ва бадиий рангтасвир бўйича маҳорат дарслари ташкил этдилар. Машғулотлар давомида музей ходимлари болаларга Ўзбекистон декоратив-амалий санъати тарихи, бизгача етиб келган лойдан ясалган идишлар ва ўйинчоқларни бўяш, кашта тикиш, заргарлик буюмларини ясаш анъаналари ҳақида сўзлаб беришди.