Барчамизга маълум Юртбошимиз раислигида 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада янги тизим жорий қилиниши ва бунга Миллий гвардия масъул этиб белгиланиши таъкидланган эди.
Ушбу маъсулиятли вазифани сифатли амалга ошириш борасида олдин хабар қилганимиздек Миллий гвардия қўмондони пойтахтимизда Оилавий болалар уйи ташкил қилиш истагида бўлган фуқароларни қабул қилиб, уларга қисқа муддатларда барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши юзасидан тегишлилиги бўйича масъул вазирлик ва ташкилотлар ходимларига топшириқлар берган эди.
Амалга оширилган ишлар натижасида бугун Тошкент шаҳри Юнусобод туманида илк маротаба Умида Турдалиева ва Муроджон Хасановлар оиласи 21 сонли Меҳрибонлик уйидан 5 нафар ўғил-қизларни ўз тарбиясига олиб Оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйдилар.
Мазкур Оилавий болалар уйи очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонлиги, Юнусобод туман ҳокимлиги ва бошқа масъул вазирлик ҳамда ташкилотлар мутасадди раҳбарлари иштирок этиб, Умида Турдалиева бошлаган ушбу олийжаноб ишга муваффақият тилаган ҳолда, доимо кўмакдош бўлишларига ҳамда оила аъзосига айланган ушбу ўғил қизларнинг маънавиятли ва ватанпарвар бўлиб камол топишларига ишонч билдирдилар.