Куни кеча Миллий гвардия ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи О.Жўраеванинг болалари учун Сариосиё туманидаги Сангардак шаршарасига саёҳат уюштирилди. Туман марказидан қарийб 52 км узоқликдаги сўлим гўша денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда тоғлар орасидаги Сангардак қишлоғи яқинида жойлашган. Шаршара ер сатҳидан 120 метр баландликдан, тоғ қоясидан отилиб тушади. Бу ернинг зилол суви, ажиб табиати, салқин шабадаси одамларнинг севимли зиёрат масканига айлантирган. Ёзги таътилни мароқли ўтказаётган болажонларга бу маскан улкан таассурот қолдирди. Тоғ қўйнида, сув бўйида мазза қилиб, ўйин-кулгу қилишиб, маданий ҳордиқ чиқардилар.