Миллий урф-одат ва анъаналаримизни ёритувчи байрам томошасига Миллий гвардия Болалар психологияси маркази мутахассис психологлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасаддилари ва тарбияланувчилар таҳсил олаётган мактаб устозлари таклиф қилинди.
Меҳмонларга тарбияланувчилар томонидан саҳналаштирилган бадиий чиқишлар, шунингдек, анъана ва қадриятларни ўзида мужассам этган миллий рақслар намойиш этилди. Айниқса, иқтидорли йигит-қизлар томонидан жонли ижрода куйланган шўх-шодон қўшиқлар барчага кўтаринкилик ва байрам кайфиятини улашди.
Шунингдек, сайил доирасида Жиззах, Сурхондарё ва Самарқанд ҳудудларига хос бўлган миллий таомимиз бўлмиш палов тайёрланди. Албатта, бу жараён ҳам болаларнинг иширокисиз қолмади, ёш ошпазлар тажрибали устозлардан ош тайёрлашнинг сир-асрорларини қунт билан тинглаб, сўнгра катталар раҳбарлигида дошқозонда ош дамлашди.
Мазкур баҳорий айём ўзида миллий қадриятлар, урф-одатлар, бир-биридан ширин таомлар, халқ ўйинлари каби маънавий-маданий бойликларимизни акс эттирилганлиги билан болажонлар учун унутилмас бўлди.