Энг совуқ кунларда ҳам оилавий болалар уйлари иссиқ, шинам ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси вакиллари вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан биргаликда ҳар бир оилавий болалар уйларини кўздан кечирди. Хусусан, иситиш тизимлари, печка ва мўрилар, электр симларининг ҳолати синчковлик билан ўрганилиб, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг мавжудлиги ва яроқлилиги текширилди. Камчилик ва носозликлар аниқланган ҳолда уларни имкон қадар тезроқ бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Хонадонларнинг иситиш тизимлари ва қурилмаларининг техник ҳолатини текширишдан ташқари, гвардиячилар ва ўт ўчирувчилар ёнғин хавфсизлиги мавзусида суҳбатлар ўтказмоқда. Улар кўпинча ёнғин нима сабабдан келиб чиқишини, нима учун электр симлари ва газ қурилмаларининг яроқлилигига эътибор бериш жуда муҳимлигини ва ҳеч қачон қўлбола иситиш мосламаларини ишлатмасликларини тушунтирмоқда. Шунингдек, углерод оксиди қандай ҳосил бўлиши ва нима учун у "тилсиз қотил" деб аталиши ҳақида гапириб берди. Бундан ташқари, ота-оналар ва болаларга ўт ўчириш мосламасидан тўғри фойдаланишни ўргатиш учун дарслар ўтказилмоқда.