Фарғона вилоятидан ўн бир ёшли Десна Аверянова спортнинг таэквондо (ИТФ) тури бўйича вилоят турнирида биринчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон кубоги мусобақасига йўлланмани қўлга киритди.
Ёш спортчининг ота-онаси ғалабадан жуда ҳам мамнун: улар жорий йилнинг май ойидан буён бирга бахтли яшайдилар. Маҳарамовлар оиласи Деснани пойтахтимиздаги 30- сонли Меҳрибонлик уйидан ўз қарамоғига олган.
Дастлабки кунларданоқ Тўхтасин Ғойибович ва Маҳфуза Хамдамовналар уни спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаб, фарзандларини малакали мураббийнинг қўлига топширган.
Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Деснанинг оила аъзолари ҳамда яқинларининг олқишлари остида ғолибамиз Ўзбекистон Республикаси таэквондо миллий ассоциацияси вакиллари томонидан биринчи даражали диплом билан тақдирланди.