Замон Авлонийси дея таъриф берилган Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, «Буюк хизматлари учун» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби, «Қоракўл мактаби» асосчиси Тўхтамурод Жумаевнинг ҳаётига бағишланган мазкур спектаклга Оилавий болалар уйи фарзандлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзолари ташриф буюрди.
Давомий олқишлар билан қарши олинган мазкур саҳна асарида миллат келажаги билан боғлиқ долзарб мавзуга қўл урилган бўлиб, қаҳрамоннинг илм йўлида босиб ўтган машшақатли йўли акс этган. Тўхтамурод Жумаев ўз орзусидаги мактабни яратиш учун қандай қийинчиликларни бошидан кечиргани, мактабнинг бугунги кунга келиб эришган ютуқлари томошабинларнинг олқишларига сабаб бўлди.
Қўчқор Норқобил асари, Ойдин Абдуллаева мусиқаси асосида режиссёр Дилмурод Хақбердиев, томонидан яратилган мазкур саҳна асари Тўхтамурод Жумаевнинг хотирасига бағишланган бўлиб, реал воқеалар асосида саҳналаштирилган.
Тадбир сўнгида, театр жамоасига таълимнинг машаққатли йўлига бағишлаб яратилган, айни пайтда ўта долзарб саҳна асари учун миннатдорлик билдирилди.