Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида жорий қилинган янги тизим ва унда белгилаб берилган аниқ ва мақсадли вазифалар меҳридарё халқимиз қалбидан жой олиб улгурди.
Бугунги кунга келиб республикамиз бўйлаб Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ўз қарамоғига олаётган оилалар сони кўпайиб бораётгани, шунингдек олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот, психологик тушунтириш ишларининг самарасида Меҳрибонлик уйларида биронта қалби ўксик болажон қолмасдан ушбу муассасалар эшиклари буткул ёпилаётганлиги фикримиз далилидир.
Бугун ҳам ана шундай қувончли кун, Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи тадбиркор Маттиев Меҳриддин ҳамда унинг турмуш ўртоғи Ражабова Нилуфарлар муассасанинг сўнги тарбияланувчилари бўлган 7 нафар болакайларни ўз бағрига олиб, вилоятимиз ҳудудида қарийб 20 йил давомида етим ва ота-она меҳрига зор бўлган болажонларни тарбиялаб келган "Меҳрибонлик уйи"нинг эшикларини буткул ёпишда ўз ҳиссаларини қўшишди. Таъкидлаш жоиз, бугун болажонлар неча йиллаб йўлига кўз тиккан ўз ота-онасига эга бўлдилар. Болаларнинг ота-онаси эса гўдакларни бағрига босар экан, уларнинг йиллар давомида қанчалик соғинчда ва меҳрга талпиниб ҳаёт кечирганини хаёлдан ўтказдилар. Меҳрибонлик уйи раҳбарияти ҳамда тарбиячилари эса, қувонч кўзёшлари билан "Меҳрибонлик уйи" эшикларининг буткул ёпилаётганлигидан беҳад хурсанд бўлишиб, болакайларга кейинги ҳаётларида оқ йўл тилашди.
Айтиш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган янги тизим асосида Миллий гвардия масъуллари ҳамда Меҳрибонлик уйи маъмурияти томонидан олиб борилган хайрли ташаббуслар натижасида, вилоятимизда 9 та "Оилавий болалар уйи" ташкил этилиб, қарийб 80 нафарга яқин болажонларнинг орзуси амалга ошди.
Эътироф этамиз, болажонларнинг эртанги кунини ўйлаган ҳолда амалга оширилаётган хайрли тадбирлар давом эттирилиб, юртимизда битта ҳам етим болаларнинг қолмаслиги учун қилинаётган бу каби ташаббуслар бардавом бўлай.