Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул вакиллари Ғ.Насирова, Э.Лаврова, Н.Шерматов, Д.Хусановалар агентлик фаолиятининг бошиданоқ ўқув-тарбия муассасаларидаги таълим ва тарбия жараёнлари ҳамда болаларнинг турмуш шароитини ўрганишдан бошладилар.
Ташриф давомида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳомийлик остидаги оилаларга жойлаштириш масалалари муҳокама қилиниб, вояга етмаганлар билан ижтимоий ишларнинг самарадорлигини ошириш ва илғор услубларни жорий этиш, бу борадаги меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш борасида сўз юритилди. Шу аснода, ўтган ҳафта якунида Миллий гвардия қўмондони ва агентлик мутахассисларининг навбатдаги ташриф объекти ёзги таътилни мароқ билан ўтказаётган Тошкент шаҳридаги 30-сон “Меҳрибонлик” уйининг 97 нафар тарбияланувчисини ўз бағрига олган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги сўлим ва баҳаво “Нур” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бўлди.
Ушбу ўқув-тарбия муассасаси тарбияланувчиларини оилаларга жойлаштириш масаласи муҳокама қилинар экан, бу ердаги болалар психофизик хусусиятларга эга эканлиги тўғрисида сўз юритилди ҳамда чет эл тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш зарурлиги таъкидланиб ўтилди. Ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тарбиялашга тайёр бўлган тутинган оилаларни тайёрлаш бўйича хорижий амалиёт намуналарини чуқур таҳлил қилиш, руҳият ва урф-одатларимизни ҳисобга олган ҳолда, мақбул турмуш тарзини танлаб, миллий шароитимизга мослаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Меҳрибонлик уйи директори Ф.Усмонхўжаева меҳмонларни оромгоҳ билан таништириш жараёнида ҳомийлар кўмагида олиб борилган ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари ҳақида сўзлаб берди. Миллий гвардия қўмондони ва агентлик мутахассислари оромгоҳда тарбияланувчиларни психофизик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган тўгарак ва секцияларга алоҳида эътибор қаратди.
Жисмоний тайёргарлиги билан бир қаторда болалар ижодий салоҳияти, мантиқий тафаккури, таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш қобилиятини ривожлантиришга жиддий ёндашилаётганлигига ишонч ҳосил қилган меҳмонлар, расм чизиш, сузиш, шахмат-шашка, футбол, стол тенниси, шунингдек, Камондан отиш федерацияси мутахассислари томонидан ташкил этилган камондан отиш бўйича машғулотлар қандай ўтаётганини кузатишди.
Шу билан бирга, Қўмондон кечки овқатда болалар билан суҳбатлашди ва болаларнинг Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари билан биргаликда тайёрлаган “Ассалом, ёз!” номли концерт дастури томошабини бўлди. Шунингдек, болалар ўзлари ёд олган шеърларни ўқиб, саҳналаштирилган рақс ва театрлаштирилган миниатюраларни томошабинларга ҳавола этишди. Ўғил-қизларнинг чиқишлари йиғилганлар қалбини тўлқинлантириб юборди десак муболаға бўлмайди. Албатта, буларнинг барчаси тарбиячи ва ўқитувчиларнинг улкан меҳнати сабабдир. Болалар Миллий гвардия алоҳида ҳарбий намунали-кўргазмали оркестри ижросидаги чиқишларидан хурсанд бўлишган бўлса, кеча сўнгида санъаткорлар ижросидаги жўшқин куй-қўшиқларга рақсга тушишди ва тадбир осмон узра отилган ранг-баранг мушакбозлик билан якунланди.
Маълумот учун. Бугунги кунда 30-Меҳрибонлик уйида 97 нафар тарбияланувчи вояга етмоқда. Ўқув-тарбия муассасаларининг қанча фарзанди ўз оиласига эга бўлганлигини билиш учун ҳаволага ўтишингиз мумкин.