Вояга етганидан буён уй-жойга эга бўлмаган, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган, яшаш шароити йўқ биноларда истиқомат қилиб келаётган 30 ёшгача бўлган таълим муассасаларининг собиқ битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш бўйича самарали ишлар давом этмоқда.
Самарқанд вилоятидаги 6-сонли Меҳрибонлик уйи (ҳозирда бу муассаса ўз фаолиятини якунлаган) битирувчиси 27 ёшли Абдуғаниев Бастам йиллар давомида шароитсиз бир хонада яшаган.
Миллий гвардия ва маҳаллий ҳокимият вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Бастамнинг яшаш шароити ўрганилиб, у уй-жойга муҳтожлар рўйхатига киритилди.
Ислоҳотли ишлар натижасида куни кеча Бастамга Қўшробод тумани Мустақиллик маҳалласидан хонадон калитлари топширилди.
– Ўз уйим борлигига ҳанузгача ишонгим келмаяпти, – дейди қувончдан кўзлари порлаб турган Б.Абдуғаниев. - Энди ҳаммоми ва ошхонаси бор, замонавий техникалар билан жиҳозланган икки хонали уйда яшайман. Илгари мен ишдан кейин уйга қайтишни истамасдим, у ерда ювиниш, овқат пиширишнинг имкони йўқ эди. Ҳозир ишдан кейин уйга қайтишга шошиламан.
Мақсадим менга берилган мана шундай имкониятларни оқлаш ва етук мутахассис бўлиб етишишдир.