Болалар – келажагимиз, уларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан, ҳам маънан соғлом бўлиб камолга етказиш барчамизнинг асосий вазифамиздир. Мамлакатнинг эртанги куни, тинч ва обод бўлиши энг олдин мана шу кичик жамиятда ўсиб-унаётган болаларимизга боғлиқ.
Жорий йилнинг 28 июль куни Ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бунда давлатимиз раҳбари Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда бу борада янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаларидаги ёшларнинг таълим-тарбиясига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул этиб белгиланди. Бундан масуълиятли вазифани ўз зиммасига олган ҳолда Республика бўйлаб барча меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари ҳарбий хизматчилар томонидан ўрганилиб, тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, ҳар бир бола учун психолог ҳарбий хизматчилар масъул этиб белгиланди. Шу билан бир қаторда Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбек халқи — болажон халқ деб бежизга айтишмайди. Ўзбекистонда азалдан оила ва бола қадри жуда баланд. Ушбу мақол иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам ўзининг амалий тасдиғини топган эди. Ўзбек халқи 300 мингдан ортиқ қаровсиз қолган болаларни ўзининг иссиқ бағрига олиб, қахрамонлик қилгани хозирга қадар ёш авлодга намуна сифатида қараб келинмоқда. Юқорида ишлаб чиқилган қарорларга асосан ота-онасидан қаровсиз қолган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, улар учун оилавий шароитларга яқинлаштирилган зарур шароитлар яратиш мақсадида Миллий гвардия бошқармаси томонидан "Оилавий болалар уйи" ташкил этиш истагида бўлган фуқаролар қабул қилиниб, уларга қисқа муддатларда барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Маълумот ўрнида, Оилавий болалар уйи ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун тарбия муассасаси ҳисобланади.
Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш, ўқитиш, соғломлаштириш, ақлий, психологик ва жисмоний ривожлантириш, уларни ижтимоий мослаштириш ва муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар учун оиладагига яқин зарур шароитлар вужудга келтириш оилавий болалар уйининг асосий вазифалари ҳисобланади. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилавий болалар уйлари ташкил этишга кўмаклашадилар, тарбияловчи ота-оналарга зарур ташкилий ёрдам кўрсатадилар ҳамда ҳар ойда камида бир марта тарбияланувчи болалар турмуши ва тарбияланиши шароитларини кузатиб борадилар.
Шуни таъкидлаш жоизки бугун Сирдарё вилоятида 1та Мирзаобод туманида, 7та Гулистон шаҳрида жами 8та оилавий болалар уйи ташкил этилди. Хусусан, Болтаевлар, Жумаевлар, Гадоевлар, Аҳмедовлар, Аҳмадхоновлар, Жиянбоевлар, Шавқиевлар ҳамда Турсуновлар оилалари бугунги куннинг чинакам қаҳрамонлари дея баралла айтиш мумкин. Мазкур оилалар 41нафар тарбияланувчиларни асраб олиб инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатишди. Шунинг билан бирга 2 нафар тарбияланувчилар потронат тариқасида ҳамда 11 нафар болажонлар эса ўз оилаларига тарқатилди.
Бахтли оила деганда бевосита ота-она ҳамда кўзлари қувончга тўла болажонлар кўз олдимизга келади. Бугунги кунда барча болажонларнинг кемтик қалблари ана шундай чинакам бахтга тўлди. Энди уларнинг ҳам бошқа болалар сингари севиб, ардоқлайдиган ота-оналари бор!